Иситилмайдиган плёнкали иссиқхона ҳамда кичик ҳажмли усти
вақтинча ёпилган жойларда укроп кузги оборотда октябр
ўрталаридан ноябр охиригача, эрта кўкламда эса феврал бошидан
мартнинг ўрталаригача етиштирилади.
Уруғлик экиш олдидан 2 сутка давомида сувда ивитиб қўйилади
(ҳар 6-8 соатда сув янгиланади), кейин қуритилади. Қишки
иссиқхоналарда уруғ яшикларга ёппасига сепилади. Бунда бир
яшикка 3-4 грам уруғ сарфланади, узунлиги ва кенглиги 1 м2 ерга 20-
30 грам уруғ кетади. Зич экин сифатида экилганда 4-6 қаторли лента
усулида 1 м2 ерга 10-15 грам уруғ сарфланади.
Парникда мустақил экин сифатида етиштирилганда бир рама
остига 40-50 грам уруғ сочилади. Укроп зич экин сифатида
етиштирилганда 30 см ли 2 қаторли лента усулида рама четларига
сепилади. Бунда ҳар бир рамага 15 грамгача уруғ сарфланади.
Экилган заҳоти шланга ёки гулчелакда илиқ сув берилади. Сўнг
устига 0,5 см қалинликда майин чиринди сепиб, бироз зичлаб
қўйилади. Кўчат яшикларини уруғ сепилгандан сўнг 3-5 кун давомида
20-25ºC ҳароратли жойда бир-бирини устига қўйиб сақлаш мумкин.
Майсалар пайдо бўлиши билан яшиклар ёруғ жойга қатор қилиб
қўйилади.
Укроп парвариши, асосан зарур ҳарорат ва намликни сақлаш,
ўсув даври давомида азотли ўғит (1 литр сувга 3-4 грам аммонийли
селитра) бериш билан алмашланган ҳолда 2-3 марта суғоришдан
иборат.
Укроп барра пайтида ўриб олинаверади. Кузги-қишки муддатда
майсаси кўрингач 40-45 кунда истеъмол учун тайёр бўлади.
Қишдагига нисбатан баҳорда етиштирилган укроп кўпроқ ҳосил
беради.